SIRDARYO-ZARAFSHON

Irrigatsiya tizimlari havza boshqarmasi

(Jizzax viloyati)

08 Aug 2023 |   50

4 МИНГ 900 ГЕКТАР МАЙДОН ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИЛМОҚДА


Шароф Рашидов тумани Ўсар Ҳотамов ҳудудидаги “Маматқул ота” фермер хўжалиги даласида “Сув тежовчи технологиялар: қулайлик ва имтиёзлар” мавзуида ўқув семинари ташкил этилди. Тадбирга вилоятдаги пахтачилик туманларида фаолият юритаётган ирригаторлар,  агрокластер ва фермер хўжаликлари вакиллари таклиф этилди 
      - Жиззах вилоятида  сув тежамкор технологиялар, айниқса, томчилатиб суғориш усулларини  жорий этиш борасида Шароф Рашидов тумани ўзига хос пешқадам, - дейди туман ирригация бўлими бошлиғи Лапас Маҳмудов.  - Бугунги кунда ҳудудимиздаги 4 минг 900 гектарга яқин пахта майдонлари   томчилатиб суғорилаётгани буни тасдиқлайди.

Янги, яъни бугунги кун тили билан айтганда “инновацион” усулда иш олиб бориш  борасида “отни қамчилаб”, бошқаларга қараганда  аввалроқ ҳаракат қилган, бунинг натижасида уч-тўрт йилдан буён юқори ҳосил кўтариб келаётган фермерлар туманнинг Ўсар Ҳотамов ҳудудида  кўпчиликни ташкил қилади.  Шунинг учун ушбу тадбир айнан мана шу ҳудуддаги фермер хўжалиги даласида ташкил этилгани ҳам бежиз бўлмади.   
      - Ўтган йили  20 гектар ер пахта майдонимизда томчилатиб суғориш усулини жорий этган эдик, - деди тадбир мезбони,  “Маматқул ота” фермер хўжалиги раҳбари Имомқул Саидқулов. -  Бу ҳудуддан бошқа ерларимизга қараганда 10 центнердан ортиқ ҳосил кўтардик. Афзаллиги ва қулайлиги яққол билингани учун бу йил яна 25 гектарда сув тежовчи технологияни ишга туширдик. Ғўзамиз ривожини ўзингиз кўриб турибсиз, насиб қилса, бу йил ҳам ҳосилимиз чакки бўлмайди...

Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати.

Shunga aloqador