SIRDARYO-ZARAFSHON

Irrigatsiya tizimlari havza boshqarmasi

(Jizzax viloyati)

22 Sep 2023 |   61

ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ – АЛОҲИДА МУҲИМ МАСАЛА


Мирзачўл тумани ирригация бўлимида “Сув ресурсларидан самарали фойдаланишда гендер тенгликнинг аҳамияти” мавзуида семинар ташкил этилди. Тадбирга Жиззах вилояти аёлларининг сув хўжалиги тизимида, аграр соҳада, шунингдек, фермер ва деҳқон  хўжалкларида раҳбар бўлиб ишлаб келаётган хотин-қизлар таклиф этилди. 
      Анжуман аввалида Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи М.Турдибоев сўзга чиқиб, Истиқлол йилларида юртимизда аёлларнинг жамиятдаги мавқеи янада мустаҳкамлангани, ватан равнақи ва чинакам фуқаролик жамияти қуриш йўлида фидойи хотин-қизларнинг ўрни ва таъсири  ортиб бораётгани, бундай ижобий ҳолат сув хўжалиги тизимида ҳам яққол кўзга ташланаётганини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда шунингдек, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида гендер тенглик ёндашувини жорий қилиш, бунинг учун қулай шарт-шароит ва  имкониятлар яратиш, тегишли тартибда  тушунчалар бериб бориш, энг муҳими, сув тежамкор технологияларни жорий этган ва этаётган аёл фермерларни қўллаб қувватлаш, уларнинг сони ва мавқеи ошиб боришига эришиш зарурлиги ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 
       Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ мутахассиси Ғ.Қодирқулов, Мирзачўл ТИБ вакиллари Б.Умрзоқов,  З.Халиловларнинг сув хўжалигида гендер тенгликни таъминлаш борасида эътибор қаратилиши зарур бўлган алоҳида жиҳатлар тўғрисидаги чиқишлари семинар иштирокчиларида катта қизиқиш ўйғотди. Улар жараён давомида ўзларини қизиқтирган саволларга  атрофлича жавоблар олишди. Якунда ушбу долзарб мавзудаги анжуман ва давра суҳбатларини  мунтазам равишда ташкил этиб боришга келишиб олинди.  

Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати.

Shunga aloqador